Паркентда 3 нафар бола сувга чўкиб вафот этди
Тошкент вилоятининг Паркент туманида 13, 12 ва 11 ёшли уч нафар бола сувга чўкиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Хабарда маълум қилинишича, терговга қадар ўтказилган текширувларда болалар Паркентсой каналидаги чуқурлиги тахминан 2 метрни ташкил этувчи сув ҳавзасида чўкиб кетгани аниқланган.
Мазкур жойда сув хавфсизлигига доир огоҳлантирувчи ёки тақиқловчи белгилар ўрнатилмагани, аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб борилмагани ҳамда сунъий ташкил топган сув ҳавзасини йўқ қилиш чоралари кўрилмагани маълум бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Тегишли тергов ҳаракатлари якунлангач, қонунчиликка мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилади.