Тошкент ва Фарғонада болаларга ноқонуний диний таълим бериб, уларни «қудуқ» ичига яшириб келганлар ушланди
Тошкент ва Фарғона шаҳарларида ноқонуний диний таълим ҳамда қонунга хилоф равишда диний адабиётлар чоп этиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Ҳафсизлик ҳизмати ҳабар бермоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида яшовчи, 1993 й.т. шахс Олмазор туманининг «Жийдали» махаласида вақтинча истиқомат қилаётган хонадонда 2025 йилнинг май ойидан буён 15 нафар ёшларга ноқонуний диний таълим беради ва бунинг эвазига ҳар биридан 150 АҚШ долларини олиб келгани маълум бўлади.
Аниқланишича, Республиканинг турли ҳудудларидан келган, 2004-2014 йиллар оралиғида туғилган 11 нафари вояга етмаган бўлиб, улар орасида 3 йилдан буён мактабга бормаётган ўқувчи ҳам бўлган.
Бундан ташқари, худди шу маҳаллада ижарага олинган яна бир хонадонда ҳам пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи, 1977 й.т., шахс жорий йилнинг июнь ойидан буён 10 нафар вояга етмаган болаларга ноқонуний диний таълим бериб, эвазига ҳар биридан 100 АҚШ доллари ҳамда егулик учун озиқ-овқат махсулотларини талаб қилган.
Ҳуқуқ тартибот органлари томонидан хонадонда текширувлар ўтказилиши эҳтимолини ҳисобга олиб, болаларни яшириш учун қўлбола ертўла қурдирган. Мазкур ертўла, яъни «қудуқ» темир қопқоқ билан ёпилиб, тош ва қум билан беркитилган, — дейилади хабарда.
Ҳар икки ҳолат бўйича махалла фуқаролар йиғинида сайёр суд ўтказилиб, ушбу шахслар МЖтКнинг 241-моддаси асосида жавобгарликка тортилди.
Таъкидланишича, улар ноқонуний диний таълим беришда махсус голограммага эга бўлмаган, норасмий шаклда чоп этилган мавзуга оид адабиётлар ва турли қўлёзмалардан фойдаланган.
Натижада, Фарғона вилоятида олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш билан боғлиқ ҳолат аниқланган. Бувайда туманида яшовчи, 1991 й.т. фуқаро яшаш хонадони ва ўзига тегишли умумий овқатланиш шаҳобчасида босмахона ташкил қилиб, диний мазмундаги китобларни чоп этиш билан шуғулланган. Мазкур китоблар Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларидаги китоб дўконларига етказиб берилган.
Келгусида сотиш мақсадида тайёрлаб қўйилган 1210 дона китоб, 2000 дона ярим тайёр ҳолатга келтирилган босма маҳсулоти ҳамда 6 та чоп этиш дастгоҳлари ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди, — деб айтилмқда
Ушбу фуқаро 2024 йилнинг июль ойида муқаддам диний мазмундаги китобларни қонунга хилоф равишда чоп этгани учун Маъмурий жавобгарликка тортилган. Ҳозирда, мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.