Россияда ота-она қарамоғисиз қолган 14 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилди
Россияда ота-она қарамоғисиз қолган вояга етмаган болалар Ўзбекистонга қайтарилди, деб хабар қилди Ижтимоий ҳимоя агентлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, 14 нафар вояга етмаган бола, Тошкент шаҳридаги Ислом Каримов номидаги халқаро аэропорт орқали мамлакатга етиб келган.
Сўнг, улар белгиланган тартибда вақтинча шаҳар ИИББ ҳузуридаги Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Зарур ҳужжатлаштириш ва тегишли тартиб-таомиллар якунлангач, 13 нафар бола белгиланган тартибда уларни кутиб олиш учун келган ота-оналарига топширилган.
Яна 1 нафар бола эса марказ ходимлари ҳамроҳлигида Андижон шаҳрига юборилиб, онасига топширилган.





