Андижон ва Хоразмда ноқонуний диний таълим бериш ҳолати аниқланди
Наманган, Андижон ва Хоразм вилоятларида ноқонуний ҳужраларда болаларга диний таълим бериш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Наманган вилоятининг Давлатобод туманида яшовчи фуқаро ўз уйида диний таълим бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳолда 8 нафар вояга етмаган болага машғулот ўтказиб келгани аниқланган. Унга нисбатан МЖтКнинг 241-моддаси асосида маъмурий жавобгарлик белгиланди. Болаларнинг ота-оналари эса МЖтКнинг 47-моддаси бўйича жавобгарликка тортилди.
Андижон вилоятида эса шифокор мурожаати асосида аниқланган ҳолатда, Асака туманида яшовчи аёл 6 ой давомида вояга етмаган болага уй шароитида ноқонуний диний сабоқ берган. Дарслар вақтида боланинг боши ва танасига ёғоч, кабель ва бошқа жисмлар билан урилган. Ушбу зўравонлик ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Хоразм вилоятининг Хонқа туманида эса 1981 йилда туғилган аёл ва унинг қизи рухсатсиз тарзда уйида диний машғулотлар ўтказиб, 16 нафар болага сабоқ бергани аниқланган. Ҳар бир бола учун 1 млн сўмдан тўлов олиниб, дарсларни ўзлаштира олмаган ўқувчилар калтакланган. Улар МЖтКнинг 241-моддаси ва ЖКнинг 110-моддаси 2-қисми «а» банди асосида жавобгарликка тортилмоқда.
Мазкур таълимда қатнашган болаларнинг 8 нафар ота-онасига ҳам МЖтКнинг 47-моддаси бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.