«Ташаббусли бюджет» лойиҳасида 823 та маҳаллага икки мавсумлик танаффус берилади
Ўзбекистон бўйлаб «Ташаббусли бюджет» дастурининг 2025 йил 2-мавсуми ва 2026 йил 1-мавсуми давомида 823 та маҳалла лойиҳаларда иштирок этмайди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Янги қоида асосида, 2024 йил 2-мавсуми ва 2025 йил 1-мавсумида кетма-кет ғолиб чиққан маҳаллалар кейинги икки мавсумда танаффус олади. Мазкур чеклов ушбу маҳаллаларда жойлашган мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари ва бошқа ташкилотларга ҳам татбиқ этилади.
Бундай тартиб жорий этилиши орқали бошқа, ҳали ғолиб чиқмаган маҳаллаларнинг имкониятларини ошириш мақсад қилинган.
Танаффус берилган маҳаллалар рўйхати билан Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг расмий саҳифалари ёки OpenBudget портали орқали танишиш мумкин. Ҳар мавсум бошланишидан аввал бу рўйхат янгиланиб эълон қилинади.
Шунингдек, Наманган шаҳридаги Даштбоғ, Когон шаҳридаги Нурафшон ва Шуманай туманидаги Бегжап маҳаллаларининг лойиҳалари 2025 йил 1-мавсумида рад этилгани сабабли уларга танаффус берилмайди.