Бойсундаги «М-25» конида тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди
Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» кони жойлашган ҳудудда оловли майдонлар юзага келгани тасвирланган видео эълон қилинган эди. Энергетика вазирлиги мазкур ҳолатга муносабат билдириб, конда тўпланган газни хавфсиз ёқиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.
“М-25” кони ҳудудида ҳеч қандай кутилмаган вазиятлар кузатилмаган, дейди вазирлик ахборотда.
Бугунги кунда 2024 йил сентябрь ойида метан эмиссияси содир бўлган қудуқ ўрнида объектни консервация қилиш бўйича режалаштирилган ишлар олиб борилмоқда ва бу ерда доимий мониторинг юритиляпти.
604-сонли қудуқда тозалаш ишлари олиб борилаётганда қудуқдан олис ҳудудларда ер юзасига яқин жойлашган бўшлиқлар ва коллекторлардаги микро ёриқларда кичик ҳажмдаги газ тўпланган.
Айни пайтда ҳудудда кичик ҳажмда тўпланган газни ёқиш орқали зарарсизлантириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан кўзланган мақсад кислотали газларнинг атмосферага чиқишини олдини олишдан иборат.
Ушбу жараён атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олишда стандарт ёндашув ҳисобланади ва халқаро саноат хавфсизлиги талабларига тўла жавоб бериши маълум қилинди.
Режалаштирилган консервация ва профилактика ишлари мазкур технологик жараённинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар бошқача талқин қилиши мумкин бўлган бир қатор операциялардан иборат. Бунга ҳолат бўйича тарқалган видеолавҳа яхши мисол бўла олади, дейилади хабарда.