Чиноздаги деҳқон бозорида ўғрилик қилган шахслар қўлга олинди
Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган деҳқон бозорида содир этилган ўғрилик жинояти фош этилди. Бу ҳақда вилоят ИИББ хабар берди.
Маълумотларга кўра, тўрт нафар шахс бозор ҳудудидаги савдо расталаридан умумий қиймати тахминан 5,2 млн сўмга тенг бўлган қўл телефонлари ва аксессуарларни ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.
Туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида гумонланувчилар аниқланиб, ушланган. Ўғирланган буюмлар жабрланувчиларга қайтарилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.