Тошкентдаги «Буз бозор» ва «Наврўз» бозори ҳудудлари реконструкция қилинади
Тошкент шаҳридаги «Наврўз» деҳқон бозори ва «Буз бозор» шохобчалари ҳудудида реконструкция ишлари олиб борилади. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, бозорларни тубдан такомиллаштириш, яширин иқтисодиётни бартараф этиш ҳамда замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш масалалари бўйича комплекс чора-тадбирлар белгиланган.
Мазкур бозорлар босқичма-босқич рақамлаштирилиб, савдо жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлиги таъминланади. Шу билан бирга, бозор ҳудуди тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий инфратузилма асосида қайта ташкил этилади.
Бозор ҳудудида махсус вазият маркази ташкил этилиб, бозорнинг ягона «маркази» сифатида барча иқтисодий, молиявий ва назорат жараёнларини мувофиқлаштиради.
Лойиҳалаштириш жараёнида бозорнинг бутун архитектураси ва ички дизайни чуқур таҳлил қилиниб, энг илғор халқаро стандартларга мос ҳолда ишлаб чиқилди. Ушбу ёндашув савдо субъектларининг қонуний фаолиятини қўллаб-қувватлаб, нақдсиз ҳисоб-китобларни кенгайтиришга хизмат қилади, — дейилади хабарда.
Натижада солиқ базаси кенгайиб, маҳаллий бюджет даромадлари сезиларли даражада ошиши билдирилди.





