Бекободдаги 11-синф боласининг ўлими юзасидан 5 нафар гумонланувчи қўлга олинди — Бош прокуратура
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида вояга етмаган боланинг ўлими юзасидан 5 нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, вояга етмаганлар ўртасида жанжал содир бўлган. Жанжал вақтида 11-синф ўқувчисининг кўкрак қисмига пичоқ билан зарба берилган.
Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, ўсмир шифохонада вафот этган.
Холат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.
Қотиллик бўйича қўзғатилган жиноят иши доирасида жами 5 нафар гумонланувчи вояга етмаган шахсга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, — дейилади хабарда.





