Британия ва Ирландияда тўфон туфайли мингдан ортиқ рейслар бекор қилинди

Ирландия ва Буюк Британиянинг шимолий қисмларига «Eowyn» тўфони ёпирилди. Sky News маълумотларига кўра, табиий офат натижасида Ирландиянинг Донегол графлигида дарахт қулаши оқибатида бир киши ҳалок бўлган.

Ўз навбатида The Guardian’нинг ёзишича, минглаб рейслар бекор қилинган, қатор автомагистраллар об-ҳавонинг «қизил» даражадаги хавфи туфайли ёпилган.

Ирландияга ёпирилган тўфон шамолининг тезлиги соатига 183 километрга етган бўлиб, бу Иккинчи жаҳон урушидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

Қайд этилишича, Ирландия ва Шимолий Ирландиядаги миллиондан ортиқ уй хўжаликлари, ферма ва корхоналар, шунингдек, Шотландияда 100 мингга яқин истеъмолчи электр таъминотисиз қолган. Мамлакат ҳукуматига кўра, электр энергияси таъминотини тўлиқ тиклаш учун 10 кунгача вақт керак бўлади.

Кучли шамол темирйўл инфратузилмасига ҳам зарар етказган, паромлар қатнови бекор қилинган.

Жаҳон