Фотоархив: 50 йил аввалги Тошкент манзаралари
Тошкент шаҳри 2200 йилдан ортиқ тарихи давомида мудофаа девори билан ўралган қадимий қалъадан жаҳондаги йирик пойтахт шаҳарлардан биригача бўлган йўлни босиб ўтган. Тошкентда 1966 йил 26 апрелда юз берган зилзила натижасида шаҳар жиддий шикастланган. Зилзила оқибатлари 3,5 йилда тугатилган. Шаҳар қиёфаси бутунлай ўзгариб, боғ ва экинзорлар ўрнига кўплаб турар жой массивлари, жамоат бинолари қурилган. Лекин улардан маҳаллий аҳолидан кўра кўпроқ «қурилиш баҳонасида» марказдан келганлар фойдаланган.
Қуйида Тошкент шаҳри 70 йилларда қай кўринишда бўлганини ифодалаб берувчи архив фотосуратлардан иборат жамланма тақдим этилади.
Низомий номидаги педагогика институти:
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти Ўрта Осиё давлат университети педагогика факультети негизида Халқ таълими комиссарлигининг 1935 йил 14 сентябрдаги 1364-сонли буйруғига асосан ташкил этилган. Университет битирувчилари орасида кўплаб таниқли инсонлар: Шукрулло, Шуҳрат, Саид Aҳмад, У.Aбдураззоқов, Ғафур Ғулом, Пўлат Мўмин, И.Султонов, академик Шаниязов ва бошқалар бўлган.
Чорсу бозори:
Чорсу бозори қадимдан Тошкент ҳудудидаги энг йирик савдо маркази бўлиб келган. Ёзма манбалардан мазкур бозорнинг номи турли даврларда турлича бўлганлиги маълум. Булар — «Чорсу», «Жўъба», «Регистон», «Эски Жува», «Большой базар» (катта бозор) номларидир. Бозор нафақат савдо маркази бўлган, балки бу ерда шаҳар аҳолиси турли янгиликлардан бохабар қилинган. Сабаби ҳокимнинг турли фармонлари маҳаллалардаги масжидларда маълум қилинганидан ташқари, яна шаҳар бозорида ҳам жарчилар томонидан эълон қилинган.
Алишер Навоий кўчаси:
Навоий кўчаси — пойтахтнинг энг қадимий ва марказий кўчаларидан бири. Амир Темур шоҳ кўчаси ва Беруний кўчаси оралиғида жойлашган. Узунлиги 4 километр атрофида. Дастлаб Ҳадра майдонидан Анҳор канали оралиғида бўлган. 1966 йилги Тошкент зилзиласидан сўнг Ўрда кўпригидан ҳозирги Амир Темур шоҳ кўчасигача узайтирилган.
Алишер Навоий номидаги Давлат адаибиёт музейи:
Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи — дастлаб 1940 йил Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллиги муносабати билан Республика кўргазмаси тариқасида ташкил топган. Музейда экспозиция, қўлёзмалар, ўзбек адибларининг архивини тавсифлаш бўлимлари фаолият юритади. У Халқаро музейлар кенгаши (ИКОМ) аъзосидир.
Чилонзор тумани:
Чилонзор тумани — ЎзССР Олий Совети Президиумининг 1962 йил 27 декабрдаги фармони билан ташкил этилган. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрига кирувчи ушбу туман пойтахтнинг энг гавжум ва аҳоли кўп яшайдиган ҳудудларидан бири ҳисобланади.
Тошкент халқаро аэропорти:
У Тошкент шаҳри Сергели туманида, шаҳар марказидан беш километр жануби-шарқда жойлашган. Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги энг қадимги аэропортлардан бири ҳисобланади. 2017 йил январь ойида унинг номи Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти — Ислом Каримов номига ўзгартирилган.
Тошкент манзаралари: