Тошкентда «Spark» ва «Lacetti» иштирокидаги ЙТҲда икки киши ҳалок бўлди
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки киши ҳалок бўлди.
Фарғона йўли кўчаси ва Бадахшон кўчаси чорраҳасида 7 август куни соат 20:30 ларда иккита транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. 58 ёшли М.О. бошқарувидаги «Spark» русумли автомобиль ва 25 ёшли А.Қ. бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомобиль ўзаро тўқнашган. Ҳозирда ЙТҲ сабаблари аниқлаштирилмоқда.
Тўқнашув натижасида «Спарк» русумли автомобиль йўловчилари — 5 ёшли М.М., 54 ёшли М.О., «Lacetti» русумли автомобиль ҳайдовчиси А.Қ. тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. «Spark» русумли автомобиль ҳайдовчиси М.О. ва 63 ёшли йўловчи Д.Э. олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.