Қозоғистонда содир бўлган ЙТҲда 2 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Қозоғистоннинг Шетский туманида 16 июль куни «MAN» юк машинаси ва «Меrcеdеs-Benz Sprinter» йўловчи микроавтобуси тўқнашиб кетиши оқибатида 8 киши ҳалок бўлди.
Қозоғистон ФВВдан олинган маълумотга кўра, соат 3:21 да Шетский туманидан ўтган Олмаота–Екатеринбург автомобиль йўлининг 850-километрида ҳаракатланган «MAN» юк машинаси ва «Меrcеdеs-Benz Sprinter» йўловчи микроавтобуси тўқнашган. Оқибатда микроавтобус ичида бўлган 17 нафар йўловчидан 8 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 9 нафар йўловчилар турли даражада тан жароҳати олиб, Aксу-Aюли қишлоқ касалхонасига ётқизилган.
ЙТҲ оқибатида микроавтобус салонида бўлган 5 нафар Ўзбекистон фуқаросидан 2 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган ҳамда 3 нафари турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Ҳозирда ушбу фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
«Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, дўст Қозоғистон масъуллари юзага келган мазкур бахтсиз ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жароҳатланганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишда яқиндан кўмак беришмоқда.
Ҳозирда ушбу холат юзасидан Қозоғистон ИИВ ҳодимлари томонидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан маълумот алмашинуви давом этмоқда», дейилган хабарда.