Хоразмда 24 ёшли аёл туғруқхонада вафот этди
Хоразм вилояти Янгибозор туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексида аёл шифокорларнинг айби билан вафот этгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.
Қайд этилишича, туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексида Ширинқўнғирот қишлоғи, «Очанқалъа» маҳалласида яшаган 24 ёшли Г.Б. қиз жинсли чақалоқ туққан ва туғруқдан кейин қон кетиш кузатилгач, унда бачадон ортиғи билан олиш жаррохлик амалиёти ўтказилган.
Жаррохлик амалиётидан кейин Г.Б. 13 сентябрь куни Республика шошилинч тез-тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалига ўтказилган ва кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, 14 сентябрь куни филиалнинг жонлантириш бўйлимида вафот этган.
Шунингдек, аёлнинг ўлими сабабини аниқлаш юзасидан суд – тиббий экспертизаси ҳамда унга кўрсатилган тиббий ёрдамнинг тўғри ёки нотўғрилигини аниқлаш юзасидан комиссиявий суд – тиббий экспертизаси, шунингдек Г.Б. вафоти бўйича шифокорларнинг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Янгибозор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилаётгани маълум қилинган.