Тошкентда ўзгага тегишли авиачипталарни 47 кишига сотиб юборган МЧЖ раҳбари аниқланди
Тошкент шаҳрида тадбиркорларнинг мулкини ўзлаштириш билан шуғулланган шахслар аниқланди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Яшнобод туман бўлими томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «П.Г.» МЧЖ омбор мудири А.З. ва таъминотчиси Р.С. ўзларининг моддий жавобгарлигида бўлган 40,2 минг долларлик уяли алоқа воситаларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Шунингдек, Миробод туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «W.Б.» МЧЖ раҳбари И.Х. «C-Т.» МЧЖнинг менежери С.нинг ишончига кириб, унга «Мой Агент» тизими орқали авиачипталарни сотиш билан шуғулланишини айтиб, «С-Г» МЧЖга тегишли авиачипталарни 47 нафар фуқарога сотиб юбориб, жами 161,8 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.