ДХХ Наманганда ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган эркакни ушлади

Давлат хавфсизлик хизмати Telegram’да гуруҳ очиб, ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилган наманганлик эркакни қўлга олди.

Маълум бўлишича, наманганлик 23 ёшли Ж.А. исмли йигит Telegram мессенжери орқали Россияда ишлайдиган Ш. исмли фуқаро билан танишиб, диний мавзуларда ёзишган. Ш. унга халқаро террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари: Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг маърузаларини юборган.

Аниқланишича, Ж.А. Telegram’да канал очиб, унинг аъзоларига ақидапарастлик ғоялари акс этган электрон китоблар, фото, аудио, видео материалларни тарғиб қилган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида у ҳуқуқ-тартибот идораларига чақиртирилиб, унинг мобиль алоқа воситаси текшириб кўриш мақсадида олиб қолинган.

Сўнгра йигит эски телефони орқали Ш.билан боғланиб, бўлган воқеани айтган. Россиядаги таниши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уни қўлга олиши мумкинлигини айтиб, зудлик билан Қозоғистонга чиқиб кетиши кераклигини билдирган. Шундан кейин у Тошкент вилоятидаги Ғишт кўприк халқаро ўтказиш пунктидан Қозоғистонга ўтмоқчи бўлган. Аммо, хорижга чиқиш паспорти йўқлиги сабаб чиқолмаган. Шунингдек, Ж.А. Қирғизистонга ўзбек–қирғиз давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга уринган вақтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди Ж.А.га нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Янгиликлар