Болалар омбудсмани фарзандини калтаклаган аёл ишига муносабат билдирди

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Самарқандда фарзандини калтаклаган аёл иши юзасидан муносабат билдирди.

Воқеага муносабат билдирган Алия Юнусова бу барчага маълум бўлган ҳолатлардан бири холос эканлигини ва тўрт девор орасида яширинча содир бўлаётган ҳолатлар ҳам бор эканини таъкидлаган.

«Мазкур Самарқанд вилоятидаги шифохонада содир бўлган ҳолатни олсак, палатада она боладан ташқари камида икки нафар шахс бор эди. Уларнинг шовқинини касалхона ходимлари ва шифокорлар эшитишмадими? Нега дарҳол болани она қўлидан тортиб олиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мурожаат қилинмади?», — дея савол берган Болалар омбудсмани.

Таъкидланишича, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвeнциясининг 19-моддасида иштирокчи-давлатлар болани жисмоний ва руҳий зўравонликнинг, ҳақоратлаш ва суиистеъмолликлар, ғамхўрлик кўрсатмаслик ёки бепарволик билан муомалада бўлиш, қўпол муомала қилиш ёки ота-она, қонуний васийлар ёки бола ҳақида ғамхўрлик қилувчи ҳар қандай бошқа шахс томонидан эксплуатация қилиш, жумладан, шаҳвоний суиистеъмолликлар содир этишнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоялаш мақсадида жамики зарур қонуний, маъмурий, ижтимоий ва маърифий чора-тадбирларни кўриши кераклиги белгиланган.

Алия Юнусова Ўзбекистоннинг «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 10-11 моддаларига мувофиқ, давлат болани зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилинишини амалга оширишини эслатган.

Айтилишича, амалдаги қонунчиликдаги нормаларга қарамай болалар барибир азият чекишда давом этяпти.

«‘Ота-оналар’нинг зўравонликка йўл қўйиши, фарзандига нисбатан қўпол ва шафқатсиз муомала қилишлари — кечириб бўлмас хато. Ҳар бир киши қонунлар билан белгиланган масъулиятини ва мажбуриятини зиммасига олишга ва уни бажаришга мажбур.

Акс холда давлат болаларни зўравонлик ва куч билан ‘тарбиялайдиган’ ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишга мажбур бўлади. Болалар озор чекмаслиги учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу таклифни илгари суради ва буни тўғри деб ҳисоблайди.

Одамлар охир оқибат жамиятимз ҳам болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслигини ва бу асло қабул қилинмаслигини эълон қилиши керак. Боланинг бегонаси бўлмайди. Шундай ҳолатга дуч келдингизми дарҳол чора кўринг. Жамоатчилик назоратининг кучи фақат ижтимоий тармоқларга тарқатиладиган видеолардан кейингина ишлаши керак эмас. Болалар учун ҳар биримиз масъулмиз!», — деган Алия Юнусова.

Янгиликлар