Эркин Турдимов оқсочлар хизматидан фойдаланмагани ҳақида гапирди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов оқсочлар тайёрлаш ташаббуси атрофидаги тушунмовчиликлар юзасидан «Qalampir» нашрига интервью берди.

Фото: Самарқанд вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълумки, Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов ижтимоий тадбиркорлар фаолияти орқали оқсочлар тайёрлаш марказларини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Ушбу таклиф Шавкат Мирзиёев томонидан маъқулланиб, буни бутун республикага Самарқанд тажрибаси сифатида тадбиқ этиш вазифаси юклатилган.

Бироқ ҳоким Эркин Турдимовнинг таклифи ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Интервью давомида ҳоким ўзи оқсочлар хизматидан фойдалангани ҳақидаги саволга ҳам жавоб берган.

«Оқсочлар масаласини менинг шахсий эҳтиёжимга боғлиқлик томонлари йўқ. Биз кичик оиламиз, уйимизда оқсочлар хизматига эҳтиёж сезилмайди. Оиламизда ҳамма ишлайди, ёш бола йўқ. Ҳамма фарзандларим вояга етган. Оиламизда шу вақтгача оқсоч ҳизматидан фойдаланилмаган. Уй ишларини ҳаммамиз бирга бажарамиз», — дейди ҳоким.

Эркин Турдимов бу ишларни вилоят миқёсида назорат қилиши кераклигини таъкидлаб ўтган.

«Самарқанд вилояти миқёсида қарайдиган бўлсак, сиз билан биз хоҳласак ё хоҳламасак, бу бозор бор. Нафақат Самарқанд шаҳрида, балки Термизда, Навоийда, Тошкентда – ҳамма жойда бор. Бу бозорда уйини тозалатиш учун ишчи олиб кетишади. Уй эгаси биринчи навбатда кимни олиб кетаётгани, нимага олиб кетаётганини ўйлайди. Уйида ишлаётган аёл, уй эгасининг мол-мулкига кўз тикмайдими, ўз ишини ҳалол, пок бажарадими, деган фикр бўлади», — дейди у.

Шу ўринда ҳоким бундай хавотир уйга ишлаш учун бораётган аёлларда ҳам бўлишини таъкидлаган.

«Кимнинг уйига кетаётгани, иш ҳақини оладими, мақсади ёмон эмасми, деган фикр бўлади. Лекин баъзи ҳолларда икки томонлама ноҳақликка учраётганлар ҳам бор. Кимдир уйида ишлаган оқсочнинг хизмат ҳақини бермаса, айрим оқсочлар хизмат учун борган уйидан қимматбаҳо буюмларни олиб чиқиб кетиш ҳоллари ҳам кузатилади. Ҳақорат ва тазйиққа, керак бўлса, жисмоний тазйиққа учраган хизматчилар ҳам йўқ эмас. Буларнинг барчаси ички ишлар органлари орқали рўйхатдан ўтади», — дейди Турдимов.

Турдимовнинг сўзларига кўра, уйига хизматчи оладиган одам биринчи навбатда яхши, ҳалол, инсофли одам бўлишини хоҳлайди.

«Чунки уй хизматкори биринчи навбатда бу оиланинг фарзандини тарбия қилади, ҳаммамиз учун энг қадрли бойлик – бу фарзанд. Менинг энг катта бойлигим – фарзандларим. Хўш, уй эгаси фарзандининг тарбиясини кимга топширяпти? Таомларни ким тайёрлайди? Уй хизматчиси, албатта. Унинг хизматидан фойдаланишга шуларга ҳам эътибор берилади. Учинчидан айнан шу уйдаги маданият, чиройли муҳит, тартиб интизоми ҳам бевосита айнан уй хизматчисига боғлиқ», — дейди у.

Турдимов мана шундай аёллар учун нодавлат ўқув марказларини ташкил этиб, ўша ерда оқсочларни ўқитиш кераклигини қўшиб қўйган.

«Уларни биз уй хизматкори деймизми, оқсоч деймизми, фарқи йўқ. Унинг синонимлари жуда кўп. Мен уларни оқсоч эмас, балки уй хизматчилари деганимда бунчалик шов шув бўлмасди. Аммо бу ҳақиқат», — таъкидлайди Турдимов.

Аввалроқ Эркин Турдимов оқсоч аёлларга талаб ортиб бораётгани, хотин-қизларни шу касбга ўргатиш кераклигини айтганди. Кейинчалик Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу фикрлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Сўнг Эркин Турдимов оқсоч аёллар ҳақидаги гапларига изоҳ берган эди. 

Янгиликлар