Ўзбекистонда «права» алмаштириш муддати узайтирилди

Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш муддати 2021 йил охирига қадар узайтирилди. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Инфографика: Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати

Агентлик маълумотига кўра, сўнгги пайтларда аҳоли ўртасида 2021 йилда ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштиришда қайта имтиҳон топшириш керак бўлади, деган нотўғри маълумот тарқала бошлаган.

Аҳолига қулай бўлиши учун эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш 2021 йил 31 декабрга қадар давом этади. Бунда Давлат хизматлари марказларида кўрсатилаётган барча хизматлар каби, ортиқча бюрократиясиз, соддалаштирилган тартиб амал қилади. Яъни қайта имтиҳон варақаси талаб этилмайди.

Маълумот ўрнида, хизматдан фойдаланиш учун паспорт, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини тақдим этиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоиз (156 100 сўм) миқдоридаги тўловни амалга ошириш лозим.

Аввалроқ Ўзбекистонда тадбиркорлар «права» имтиҳонларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ЙҲХББ Самарқандда «права»си йўқ фуқарога жарима белгилангани юзасидан изоҳ бергани хабар қилинган.

Янгиликлар