Пастдарғом туманининг айрим ҳудудларида 30 октябрь куни газ таъминоти вақтинча тўхтатилади

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманининг айрим ҳудудида 30 октябрь куни газ таъминоти вақтинча тўхтатилади. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, «Гўзалкентгаз» маъмурияти Жума газ таъминоти шаҳобчасидан чиққан юқори босимли, Д-219 миллиметрли газ қувурининг пайвандлаш нуқтасида газ сизиб чиқиш ҳолати аниқлаган. Шу сабабли мазкур ҳолатни бартараф қилиш учун 30 октябрь, жума куни соат 09:00 дан 17:00 гача «Гўзалкентгаз» ҳудуди истеъмолчиларга табиий газ таъминотини етказиб бериш тўхтатилади.

Таъкидланишича, филиал маъмурияти табиий газ истеъмолчиларидан газ жиҳозларидаги жўмракларни ўчириб қўйишлари ва эҳтиёт чораларини кўришлари сўраган.

«Ушбу ноқулайликлар учун ‘Ҳудудгаз Самарқандʼ газ таъминоти филиали маъмурияти табиий газ истеъмолчиларидан узр сўрайди», — дейилади хабарда.

Бундан аввал Каттақўрғон шаҳрининг айрим ҳудудларида газ таъминоти вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар