Сирдарёда ўтказилган сайёр қабулларда 600 дан ортиқ мурожаат хал қилинди (фото)

Сирдарёда икки кун давомида Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари ва Сирдарё туманида ташкил қилинган оммавий қабулларда 1 минг 313 та мурожаат бўйича 1 минг 328 та масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, икки кун давомида Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари ва Сирдарё туманида ташкил қилинган оммавий қабулларда 1 минг 313 та мурожаат бўйича 1 минг 328 та масала кўриб чиқилган. 612 та мурожаат жойида ҳал қилинган. 416 та мурожаат эгасига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 300 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинган.

Қайд этилишича, 2020 йилнинг 26—27 октябрь кунлари Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари ва Сирдарё туманида Президент администрацияси, Халқ қабулхоналари бошчилигида 20 га яқин вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида сайёр қабул ташкил қилинган. Бош прокурор ўринбосари 137 та масалани кўриб чиқиб, уларнинг 89 тасига жойида ечим топган. Хусусан, 3 та суд қарорига протест, 2 та судга даъво аризаси киритилган. 19 нафар мурожаатчининг 34,8 миллион сўмлик иш ҳақи ундирилган, 5 нафар фуқарога ер участкалари, 5 нафар фуқарога моддий ёрдам, 10 нафар фуқарога кредит ажратилиши таъминланган, 7 нафари эса ишга жойлаштирилган.

Фото: Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати

Олий суд раиси ўринбосарига мурожаатлар асосида 22 нафар шахс жазонинг муддатидан олдин озод қилинган, 7 нафар шахсга нисбатан белгиланган жазо енгилроғига алмаштирилган, 1 нафар шахсга тайинланган жазо қисқартирилган, 7 нафари эса маъмурий жавобгарликдан озод қилинган. Шунингдек, мулоқотлар давомида 22 нафар вояга етмаган фарзанди бор 12 та оила яраштирилган, 5 та иш бўйича 2 миллиард 884 миллион сўм ундириш тўғрисидаги даъволар қаноатлантирилган.

Ички ишлар вазирлиги масъуллари 83 та мурожаатдан 48 тасини ҳал қилган. Шунингдек, 8 нафар фуқаро ички ишлар органига ишга қабул қилинган, фуқаролиги бўлмаган 35 нафарига фуқаролик паспорти берилган. Қабуллар давомида автомобиль йўллари қўмитасига келиб тушган 62 та мурожаатнинг 29 таси жойида ҳал қилинган. Бунинг натижасида 19,9 километр йўл таъмирланган, 4,5 километр тупроқ йўлларга тош-шағал ётқизилган. Ховос тумани «Янгиер» маҳалласида истиқомат қилувчи Бобоназар Худойназаровнинг мурожаати асосида маҳалланинг 1 километрдан зиёд чанг кўчалари тош йўлга айлантирилган. «Оқчангал» маҳалласи аҳолисининг мурожаатларидан кейин эса 8-мактабга элтувчи асосий йўлни асфальтлаш ишлари бошланган.

Фото: Президент халқ қабулхонаси ахборот хизмати

Электр энергияси таъминоти билан боғлиқ 49 та мурожаатнинг эса 38 тасига жойида ечим топилган. 27 та трансформатор пунктида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилган бўлса, 64 та эскирган симёғочлар бетон устунларга алмаштирилган, 1,2 километр электр тармоғи тортилган. Ховос шаҳарчаси «Бунёдкор» МФЙ ҳудудидаги сув қувурларини таъмирлаш ишлари бошланган. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари эса 77 та мурожаатнинг 49 тасига ечим топган, натижада 18 нафар фуқарога даволаниш учун ордер ва йўлланма, ўнлаб мурожаатчиларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари, дори-дармонлар ажратилган.

Қабуллардаги мурожаатлар асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг «онлайн дарс» тайёрлаши учун шароит яратилиши маълум қилинган. Янгиер шаҳри «Маърифат» маҳалласида яшовчи Азиза Абдумўминованинг мурожаати асосида унинг хонадонига замонавий интернет тармоғи уланган.

Аввалроқ Марғилонда эҳтиёжманд аҳолининг 1600 дан ортиқ муаммоси ҳал этилганди. Шунингдек, Бухоро вилояти Тергов бошқармаси бошлиғи ўтказган қабулда 6 та мурожаат ҳал қилингани маълум қилинганди.

Янгиликлар