Афғонистондан Ўзбекистонга снаряд учирган гуруҳ ушланди
Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги Мажнунтол маҳалласига 5 июль куни Афғонистон томондан снарядлар келиб тушганди. Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид бу ҳужумни уюштирган гуруҳ қўлга олинганини хабар қилди.
Маълум бўлишича, мамлакат махсус куч тузилмалари Қундуз вилоятидаги операция давомида «Хаворижлар» марказини топиб, йўқ қилган.
«Кеча тунда Қундузнинг Имом Соҳиб туманидаги Қанжағэ ҳудудида Ислом Амирлиги (Афғонистон)нинг махсус бўлинмалари ‘Хаворижлар’ марказини топиб, йўқ қилди.
Ушбу операцияда 3 нафар хавориж ўлдирилди, беш нафари тириклайин қўлга олинди. Уларнинг автомашиналари ва қуроллари мусодара қилинди. Яқинда улар Ўзбекистон ва Тожикистонни ракета ҳужумлари билан нишонга олганди», — деб ёзади Мужоҳид.