Жаҳон банки Ўзбекистондаги тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш учун 500 млн доллар ажратди

Жаҳон банки Ўзбекистонга тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси доирасида 500 миллион доллар маблағ ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «TheFinancial»

Маълум қилинишича, операция доирасида ҳукуматга COVID-19 пандемиясининг салбий ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш ва 2017—2021 йилларда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ислоҳотларни амалга ошириш ишлари қўллаб-қувватланади.

Ҳукуматнинг тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси билан ўтказадиган асосий ислоҳотлари қаторидан «прописка» тизимини фуқароларни яшаш жойидаги электрон рўйхатга олишга ўтказиш, давлат томонидан пахта етиштириш ва унинг мажбурий савдосига чек қўйиш, давлат банклари томонидан давлат корхоналарига субсидиялаштирилган кредитлар ажратишни камайтириш, пандемия даврида фуқароларга ижтимоий ёрдам кўрсатишни кенгайтириш каби талаблар ўрин олган.

«Жаҳон банки томонидан маъқулланган Тараққиёт сиёсатини қўллаб-қувватлаш операцияси 2017 йилдан буён Ўзбекистонда амалга оширилган асосий ислоҳотларнинг ютуқларини мустаҳкамлашга ёрдам беради, шунингдек, турли ресурслар ва унинг иқтисодиётдаги иштироки устидан давлат назоратини камайтиришга қаратилган янада мураккаб ислоҳотлар учун мустаҳкам замин яратади», — дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки бугунги кунда бутун Ўзбекистон бўйлаб 25 та лойиҳанинг амалга оширилишини қўллаб-қувватламоқда. Унинг молиявий ва техник ёрдами макроиқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув ва канализация, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимоя, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш каби соҳаларда қўлланилиб келмоқда.

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар маблағ ажратиши ҳақида хабар берилган эди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Жаҳон банки томонидан ажратилган 500 миллион доллар кредитни ўзлаштириш лойиҳаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказганди. Шунингдек, Ўзбекистонда транспорт ва логистика тармоғини ривожлантириш учун 27 миллиард доллар талаб этилиши маълум қилингани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар