Фарғонада янги туғилган чақалоғини сотишга уринган ота-онага ҳукм ўқилди

Судланувчилар тушган пулни қарз ва кредитларини узишга сарфлашни режалаштиришган

Фарғонада янги туғилган чақалоғини сотишга уринган ота-онага ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, судланувчилар 2024 йилнинг октябрь ойида танишган. Улар қонуний никоҳдан ўтмасдан ва қариндошларининг хабарисиз бирга яшаб келишган. 2025 йилнинг октябрь ойида жуфтликнинг ўғил фарзанди дунёга келган.

Аёл молиявий қийинчиликлар сабабли ушбу жиноятга қўл урганини маълум қилган. У болани сотишдан тушган пулни қарз ва кредитларини узишга, шунингдек, ишлаш учун Туркияга боришга сарфлашни режалаштирган.

Судланувчининг сўзларига кўра, у аввалига болани сотиш таклифини рад этган. Аммо таниши бола гўёки яхши шароитларда тарбияланишига ишонтирганидан сўнг розилик берган.

Ота боланинг сотилиши ҳақида битим бўладиган куни хабар топган. Шу сабабли эркак ва аёл ўртасида жанжал келиб чиққан. У ёрдам беришга рози бўлган, шундан сўнг улар ажралишга келишган.

Суд уларни Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан айбли деб топди ва беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Боланинг кейинги тақдирини ҳал қилиш масаласи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Қўқон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Болаларни ҳимоя қилиш бўлимига топширилди.

Ўзбекистон