Тошкентдаги масжидларнинг собиқ имом-хатиби Одилхон Исмоиловга ҳукм ўқилди

Исмоилов ва бошқа судланувчилар Жиноят кодексининг тўртта моддаси бўйича айбли деб топилди

Наманган вилояти жиноят ишлари бўйича Поп туман судида Тошкентдаги масжидларнинг собиқ имом-хатиби Одилхон Исмоилов ва бошқа судланувчилар устидан суд жараёни якунланди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

Суд ҳукмига кўра 7 нафар судланувчи Жиноят кодексининг:

• 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми «а» банди, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» банди;

• 227-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш) 2-қисми «а» банди;

• 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а», «б» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

О. И.га 8 йил (Жиноят кодексининг 62-моддасига (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) асосан 7 йил 11 ой 28 кун) муддатга, қолган 6 нафар судланувчига жиноий хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

Жиноят иши доирасида етказилган моддий зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

Ўзбекистон