Афғонистондан ўтказилган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатилиб қолинди
Ўзбекистонда катта миқдорда контрабанда йўли билан олиб келинган гиёҳвандлик воситалари аниқланди. Бу хақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Фарғона вилоятида тезкор тадбир ўтказилиб, муқаддам наркокуръерлар томонидан Афғонистон Республикасидан контрабанда йўли билан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилган ва Ёзёвон туманига келтирилиб, дала майдонидаги хуфия жойга яшириб кўйилган 9 кг 896 гр «гашиш» моддасини қабул қилиб олган вақтларида хусусий тадбиркор ва унинг жиноий шериги ашёвий далиллар билан ушланди.
Воқеа жойидан қочишга уринган хусусий тадбиркорнинг ёнида бўлган 14 минг 500 АҚШ доллари ва 6 млн. 250 минг сўм ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди, — деб таъкидланди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга алоқадор бўлган учинчи шахснинг яшаш хонадонидан эса 110 гр. «опий» моддаси, 2 та электрон тарози, 1200 АҚШ доллари ҳамда 28 млн. сўм процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Бундан ташқари, қорақалпоғистонлик, муқаддам наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс хоразмлик фуқаро билан ўзаро тил бириктириб, келгусида сотиб, мўмай даромад топиш мақсадида афғонистонлик наркосавдогарларга катта миқдордаги гиёҳвандлик воситасини буюртма беришади.
Ўз навбатида наркокуръерлар томонидан моддалар Афғонистондан Сурхондарё вилояти ҳудудига олиб ўтилиб, кейинроқ Тўрткўл туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилади.
Натижада, Тўрткўл ва Хазорасплик мазкур шахслар хуфия жойдан 6 кг 149 гр «опий» моддасини ва 9 кг 814 гр кўкнори сомонини олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.
Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.