2025 йилда авиа, темирйўл ва автобус чиптарини харид қилиш учун ягона онлайн платформа ишга туширилади

Ўзбекистонда туристик хизматларни ягона платформага бирлаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2025 йил 1-cентябрдан бошлаб Миллий туризм ягона платформаси синов тариқасида, 2025 йил 1 декабрдан эса тўлиқ ишга туширилади.

Ушбу платформа қуйидагиларни амалга ошириш имконини беради:

— сайёҳларга жойлаштириш воситаларини онлайн банд қилиш ва сайёҳлар томонидан баҳолаш;

— республикадаги туроператорлар ва турагентлар хизматлари, шу жумладан, сайёҳларга гид, гид-таржимон, йўриқчи-йўл бошловчи, экскурция етакчилари хизматларидан фойдаланиш;

— йўналишсиз такси ва автотранспорт воситалари ижараси хизматларидан фойдаланиш;

— автобус, авиа ва темирйўл чипталари, маданий мерос объектлари, музейлар ва бошқа диққатга сазовор жойларга кириш чипталарини харид қилиш;

— халқаро ва миллий тўлов тизимлари орқали туристик хизматлар учун тўловларни амалга ошириш;

— туризм соҳасига оид статистик ҳисоботларни юритиш ва реал вақт режимида таҳлил қилиш.

Платформа маълумотларининг 14 та хорижий тилга таржимаси таъминлаб борилади. Транспорт вазирлиги билан биргаликда UzTrans ягона интерактив ахборот тизими, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари», Uzbekistan Airways ва бошқа йўловчи ташиш лицензиясига эга ташкилотларнинг электрон чипталарини харид қилиш тизимлари интеграция қилинади.

Қарорлар