5 кун ичида чиқиндидан қарзини тўламаганларга электр тўлови учун тақиқ қўйилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатишда янги тўлов механизмларини жорий этишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
17 декабрь куни мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилганди. Уни иккинчи ўқишга тайёрлашда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқшунос ва экспертлар иштирокида ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилиб, қонун лойиҳаси муҳокама қилинди ва такомиллаштирилди.
Қонун лойиҳасида чиқинди хизматлари учун қарздорлиги мавжуд истеъмолчиларга улар СМС орқали хабардор қилингандан кейин 5 кун муддатда қарздорликни узиш имкони берилиши белгиланди. Агар тўлов амалга оширилмаса, электр энергияси учун тўловларни қабул қилиш вақтинчалик чекланади.
Шунингдек, лойиҳа билан истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя этиш кафолатларини мустаҳкамланиб, маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетишга ихтисослашган ташкилотлар тўловларнинг ҳаққоний ва тўғри ҳисобланиши учун жавобгар бўлиши, мазкур талаблар бузилганда истеъмолчига етказилган зарар қопланиши белгиланмоқда.
Қонун лойиҳаси чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов механизмларини такомиллаштиришга ва сифатини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.