Ўзбекистонда фуқароларнинг чиқиндиларни йиғиш бўйича қарзи 600 млрд сўмдан ошди
Ўзбекистонда аҳолининг чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун дебитор қарзи 622,7 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, 2025-йилнинг 31-декабр ҳолатига кўра аҳолига кўрсатилган хизматлар учун ҳисобланган 1 трлн 454 млрд сўм тўловларнинг 1 трлн 304 млрд сўми ёки 90% қопланган.
Айни пайтда кўрсатилган хизматлардан аҳолининг дебитор қарздорлиги 622,7 млрд сўмни ташкил этмоқда. Ҳақиқатда кўрсатилмаган хизматлар учун ҳисобланган 211,9 млрд сўм нореал дебитор қарздорликлар электрон тизимдан чиқарилди, — дейилади хабарда.
Мавжуд 9 452 та маҳаллада яшовчи 37,5 млн нафар аҳолининг маҳалла бўйича 8 105 таси яъни 87%, аҳоли бўйича 23,9 млн нафари яъни 64% хизматлар билан қамраб олингани билдирилди.
Таҳлилларга кўра 2025-йилда 15,1 млн тонна маиший чиқинди ҳосил бўлган.





