Ўзбекистонда биринчи маротаба 21 ёшга тўлганда турмуш қурган оилаларга имтиёзлар берилади
Ўзбекистонда ёшларнинг ўз ҳаёт йўлини онгли равишда белгилашига кўмаклашиш, шунингдек никоҳ шартномаси тузишни рағбатлантириш мақсадида имтиёзлар берилади.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисидаги Фармонида кўзда тутилган.
Хусусан, 2027 йилдан бошлаб ҳар иккала тараф камида 21 ёшга тўлганда биринчи маротаба никоҳ тузган ёш оилалар учун, давлат томонидан қўшимча имтиёз ва бошқа шаклдаги қўллаб-қувватлаш чоралари тақдим этилади.
Шунингдек, ушбу оилалар Ижтимоий реестрга киритилган тақдирда, оилалар аъзоларига уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ривожлантириш, даромадларини ошириш ёки мураккаб вазиятдан чиқариш учун тақдим этиладиган молиявий кўмаклар (субсидия, ссуда, грантлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорлардан 1,5 бараварга оширилган ҳолда берилади
Бундан ташқари, никоҳ шартномасини тузган никоҳланувчиларни никоҳни қайд этиш учун белгиланган давлат божидан озод этиш тартиби қўлланади.





