Ўзбекистонда 3 ёшгача бўлган болали ёки ҳомиладор талаба қизлар ўқишни онлайн давом эттира олади
Ўзбекистонда ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун «иккинчи имконият» яратилади.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисидаги Фармонида кўзда тутилган.
Хусусан, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб, курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади.
Талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилсин ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади.
Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 3 ой муддатда қуйидагилар юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади:
• ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имкониятини яратиш;
• масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш;
• академик таътилга чиққан, курсдан курсга қолган ва талабалар сафидан чиқарилган ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар юзасидан алоҳида статистик маълумотларни юритиш.





