Қатарда 11 ёшли ўзбекистонлик йўл-транспорт ҳодисасида вафот этди
Ўзбекистоннинг Қатардаги элчихонаси томонидан йўл-транспорт бахтсиз ҳодисаси оқибатида вафот этган ватандошни дафн маросимини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди, деб хабар қилмоқда Дунё агентлиги.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида туғилган 11 ёшли М.А. Қатардаги сафари давомида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида, автотранспорт воситаси бошқаруви йўқотилиши туфайли бош қисмидан олган тан жароҳатлари сабабли ҳодиса жойида вафот этган.
Бу ҳақида маълумот келиб тушиши билан дипломатик ваколатхона томонидан Қатарнинг тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда тезкор зарур ташкилий ва ҳуқуқий масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилди. Марҳумнинг оила аъзоларига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатилиб, дафн маросимини ташкил этиш масалалари улар билан яқин ҳамкорликда ташкил этилди, — дейилади хабарда.
Минтақада юзага келган мавжуд вазият ҳамда транспорт-логистика билан боғлиқ чекловлар инобатга олинган ҳолда, марҳумнинг жасади оиласининг розилиги билан барча миллий ва диний анъаналарга мувофиқ равишда Қатар Давлатида дафн этилгани билдирилди.





