Ўзбекистонда чиройли рақамли ID-карталар, паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномалари сотилиши мумкин
Ўзбекистонда ID-карта, паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасининг чиройли рақамларини юқори нархда сотиш таклифи билдирилди. ИИВ тегишли лойиҳани жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Ҳужжатда ID-карта, хорижга чиқиш биометрик паспорти, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва ноёб рақамли автотранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани бериш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартибини такомиллаштириш таклиф этилмоқда.
Шу билан бирга, юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни машҳур рақамлар бирикмаси билан юқори нархларда бериш тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Ушбу давлат хизмати техник қурилмалар ва дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда пуллик асосда кўрсатилади.
Ўзбекистон фуқаролари, доимий яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар қуйидаги амалларни бажариш орқали ахборот тизими ёрдамида ID-карта рақамини олишлари мумкин бўлади:
— Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки электрон платформада рўйхатдан ўтиш;
— тизимда мавжуд рақамлардан кераклисини танлаш;
— тўлов учун ҳисобварақ (инвойс) рақамини олиш;
— кўрсатилган сумманинг тўлиқ тўланиши;
— сотиб олинган ИД-карта рақамини шахсий кабинетда хабардор қилган ҳолда ариза берувчининг шахсий идентификация рақамига (ЖШШИР) бириктириш.
Ариза берувчи хабарнома олгандан сўнг ID-карталарни бериш пунктига ҳужжатни расмийлаштириш учун мурожаат қилиши керак.