Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантиришга $460 млн ортиқ маблағ йўналтирилади
Чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев чорвачилик ва паррандачилик тармоқларини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан тақдимот билан танишди.
Қайд этилишича, мамлакатда аҳоли сони ва туризм оқимининг ўсиши озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни ҳам оширмоқда. Ҳозирги кунда гўштга бўлган йиллик талаб 2 миллион 150 минг тоннани, ишлаб чиқариш ҳажми эса 1 миллион 600 минг тоннани ташкил этмоқда.
Шу боис, тақдимотда 2026-2028 йилларда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича ишлаб чиқилган комплекс чоралар муҳокама қилинди.
Фаолият юритмаётган корхоналарни тиклаш, чорвачиликка ихтисослашган туманларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли хонадонларида енгил конструкцияли молхоналар қуриш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига қўшимча 190 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Жумладан, фаолияти тўхтаб қолган 103 та чорвачилик корхонасини соғломлаштириш режалаштирилган. Уларнинг қарзларини реструктуризация қилиш ёки ўн йилга бўлиб тўлаш, озуқа етиштириш учун ер майдонлари ажратиш ва наслли моллар билан таъминлаш таклиф этилди. Натижада 33 минг бош қорамол парваришланиб, йилига 12 минг тонна гўшт ва 40 минг тонна сут ишлаб чиқариш имконияти яратилади.
Чорвачиликка ихтисослашган 13 та туманда 75 минг гектар озуқа майдонидан самарали фойдаланиш, кичик чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш, сут қабул қилиш пунктлари ва озуқа сотиш шохобчаларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Умуман, чорвачилик тармоғини ривожлантириш учун 463 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
Давлат раҳбари лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини чуқур таҳлил қилиш, маблағларни манзилли йўналтириш, рақамли ҳисоб ва мониторингни йўлга қўйиш, ички бозорни сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.





