Coca-Cola 6 та давлатдан ичимликларини қайтариб олади
Coca-Cola компанияси ўз маҳсулотларини Бельгия, Буюк Британия, Люксембург, Нидерландия, Франция ва Германия бозорларидан оммавий равишда қайтариб олмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Бунга ичимликлар таркибида хлоратларнинг (кимёвий модда) кўплиги сабаб бўлган. Компания аниқ рақамларга эга эмаслигини айтган, аммо гап дўконларда ҳам, савдо автоматларида ҳам сотиладиган катта миқдордаги товарлар ҳақида кетмоқда. Чоралар 2024 йилнинг ноябрь ойи охиридан буён чиқарилган банка ва шишалардаги Coca-Cola, Sprite, Fanta, Fuze Tea, Minute Maid, Nalu, Royal Bliss ва Tropico маркаларига тааллуқли. Муаммо ичимликлар сифатини меъёрий талабларга мувофиқлигини текшириш пайтида аниқланган.
Фақат 328G дан 338G гача ишлаб чиқариш кодлари бўлган банкалар ва шишалар қайтариб олиниши лозим. Ишлаб чиқариш кодини маҳсулотнинг яроқлилик муддати остида топиш мумкин, дейилади хабарда.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, стандартларга жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг аксарияти аллақачон муомаладан чиқарилган ёки бозорларга киритилмаган. Қолган партияни олиб қўйиш бўйича ташкилот юқоридаги давлатларнинг тегишли идоралари билан ҳамкорлик қилмоқда.