Бангладешда ҳарбий самолёт қулаши оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлди
Бангладешда ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли F-7 BGI русумли ўқув самолёти коллеж ҳудудига қулаб тушди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ҳодиса оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Маълум қилинишича, самолёт пойтахт Дакка шаҳри шимолидаги Milestone коллежи кампусига қулаган. Воқеа содир бўлган пайтда коллежда талабалар имтиҳон топшираётган ва дарс жараёнида бўлган.
Жароҳатланганларнинг 50 нафари куйиш тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган, улар орасида болалар ҳам бор. Қурбонлар сони ортиши мумкинлиги айтилмоқда, турли манбалар турлича маълумотлар бермоқда.
Бангладеш ҳарбий-ҳаво кучлари вакилларининг маълум қилишича, самолёт маҳаллий вақт билан соат 13:06 да ҳавога кўтарилган ва атиги 12 дақиқадан сўнг ҳалокатга учраб, ёниб кетган. Қулаш сабаблари ҳозирча аниқланмаган.
Мамлакат ҳукумати раҳбари Муҳаммад Юнус воқеа юзасидан тергов ўтказилишини маълум қилган ва жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатилишини билдирган.
Бангладеш ҳукумати 22 июлни қурбонлар хотирасига мотам куни деб эълон қилди.