Ўзбекистонда 2025 йилда дарсликлар ижараси бепул бўлади

Ўзбекистонда 2025 йилда дарсликлар ижараси учун ота-оналардан тўлов ундириш режалаштирилмаган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар бермоқда.

Вазирлик 2025 йилда мактабларда ўқувчилар учун дарсликлар ижараси бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд қилинишича, 2024 йилда мактаб ўқувчилари учун 83,2 миллион нусха дарслик ва машқ дафтарларини етказиб бериш учун давлат буджетидан жами 1,5 триллион сўм ажратилган. Ушбу маблағлардан 435,5 миллиард сўми (ёки 36 фоизи) даврийлиги 1 йил ҳисобланадиган ҳамда ҳар йили янгидан чоп этиладиган машқ дафтарлари учун йўналтирилган.

2025 йилда эса 81 млн нусха дарсликлар ва машқ дафтарлари учун жами 1,3 трлн сўм маблағларни тўлиқ Давлат буджетидан қоплаш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлардаги фаол фойдаланувчилар томонидан чоп этилган постларда Буджет лойиҳасида Китоб жамғармаси харажат ва даромадлари кўрсатилмаганига эътибор қаратилган. Қайд этиш жоизки, Китоб жамғармаси фаолияти тўхтатилган ва янги жамғарма ташкил қилинмагани сабабли лойиҳада бу бўйича маълумотлар акс эттирилмаган.

2025 йил учун Давлат буджети доирасида кўзда тутилган маблағлар янги ўқув йилида ўқувчиларни дарсликлар ва машқ дафтарлари билан таъминлаш бўйича эҳтиёжни тўлиқ қоплаш имконини беради.

Бунда, ота-оналардан дарсликлар ва машқ дафтарлари ижараси учун қўшимча тўлов ундириш режалаштирилмаган.

Қарорлар