Ўзбекистонда 2025 йил учун давлат бюджети тасдиқланди

“2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун 24 декабрь куни қабул қилинди.

Унга кўра, қонун 2025 йил учун Ўзбекистоннинг консолидациялашган бюджетини шакллантириш ва ижро этиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади. 2025 йил учун биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорлари тасдиқланди.

Биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга республика бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағларидан фақат 2025-молия йили давомида фойдаланилади ва улар келгуси молия йилига ўтказилмайди.

2025 йил учун Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдорида белгиланди.

2025 йил учун қуйидагилар тасдиқланди:

мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари;

товарларнинг айрим турлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимларнинг чекланган ставкалари;

чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистонга кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимларнинг ставкалари.

“2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 3 декабрдаги мажлисида депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилганди. Сенатнинг 18 декабрдаги ялпи мажлисида қонун муҳокама этилиб, маъқулланганди.

Сенатда 2025 йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳа хизматлари сифатини янада ошириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилгани таъкидланганди. Қонунда кейинги йилда ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган.

Коммунал