Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Мўғулистонга боради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24–25 июнь кунлари Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурелсухнинг таклифига биноан ушбу мамлакатга давлат ташрифи билан боради. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф доирасида Улан-Батор шаҳрида олий даражадаги икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган. Томонлар Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасидаги дўстлик ва амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, хусусан:
• товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш;
• саноат, қишлоқ хўжалиги, кончилик, транспорт каби тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш;
• маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалаларини муҳокама қилади.
Саммит якунида турли йўналишларда ҳужжатлар тўплами имзоланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил июнь ойида Мўғулистон президенти Хурелсух Тошкентга ташриф буюрган эди. Ўшанда икки давлат раҳбарлари ўзаро имтиёзли савдо ва бозорга кириш шароитларини енгиллаштириш, чорвачилик кластерларини ривожлантириш ва гўшт етказиб бериш масалаларида келишувларга эришган эди. Шу билан бирга, Мўғулистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам очилган.