Руминияда давлат тўнтаришига уринишда гумонланган шахслар ушланди
Руминияда ҳокимиятни тўнтаришга уринганликда гумонланиб олти киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Уюшган жиноятчилик ва терроризмга қарши тергов бошқармаси маълум қилди.
Руминия тергови версиясига кўра, 2023 йилда олти нафар гумонланувчининг беш нафари мамлакат «суверенитети ва мустақиллигига путур етказиш мақсадида» уюшган жиноий гуруҳ тузган — улар «мамлакат мудофаа қобилиятини заифлаштиришни» режалаштирган. Кейинги йилда гумонланувчилар сафига яна бир киши қўшилган.
Терговнинг ҳисоблашича, гумонланувчилар «Руминия ва Россия ҳудудларида бўлган чет эл ҳукуматларининг агентлари билан бир неча бор алоқага киришган». Гуруҳ таркибида бир нафар генерал-майор ҳам бўлган. Унинг ва бошқа гумонланувчилар исми ошкор этилмаган.
Жиноий гуруҳ аъзолари ўз тарафдорларини оғдириб олиш билан шуғулланган ва интернетда турли видеоларни эълон қилиб келган — масалан, Руминия ҳукуматига, миллий ва халқаро ташкилотларга мурожаатлар. Бундан ташқари, гумонланувчилар Руминиянинг НАТОдан чиқиши, конституциявий тузумни алмаштириш, партияларни тарқатиб юбориш, янги ҳукумат ўрнатиш, мамлакат номи, байроқ ва мадҳиясини ўзгартириш бўйича «ташқи кучлар» билан музокаралар олиб борган.
Таъкидланишича, гумонланувчиларнинг икки нафари 2025 йил январ ойида Москвага бориб, «ташкилотнинг Руминияда давлат ҳокимиятини қўлга киритиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр» одамлар билан алоқада бўлган.