Донецкка ракета ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлди
30 июнь куни кечқурун Украина Қуролли кучлари томонидан Донецк шаҳрига узоқ масофали ракеталар билан ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда Lenta.ru хабар берди.
ДХР раҳбари вазифасини бажарувчи Денис Пушилинга кўра, ҳужум натижасида «Цоколь» бозори, марказий универмаг, банк биноси ва бошқа бир қанча инфратузилма объектларига зарар етган.
Россиянинг ТАСС агентлиги Украина томонидан Storm Shadow ракеталари қўлланилганини билдирган. Пушилиннинг сўзларига кўра, Донетск ва унинг атрофидаги аҳоли пунктларига дронлар, ракеталар ва артиллерия воситалари ёрдамида жами 26 та ҳужум амалга оширилган.
Горловка шаҳрида эса 12 та кўп қаватли уй, поликлиника, дорихона, ётоқхона ва учта қозонхона зарар кўрган. Маҳаллий манбаларга кўра, металлургия заводи ҳам шикастланган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида бир аёл ҳалок бўлган, яна уч киши тан жароҳати олган. Украина Қуролли кучлари ушбу ҳужум юзасидан ҳозирча расмий изоҳ бермаган.