Афғонистонга ўзбек дори-дармонлари экспорти йил охиригача $50 млндан ошиши кутилмоқда
Афғонистон Ўзбекистондан фармацевтика маҳсулотларини маҳаллий бозорга чиқаришни соддалаштиришга тайёр. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси хабар берди.
Қайд этилишича, бу масала палата раиси Даврон Вахабов бошчилигидаги делегациянинг Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири Мавлавий Нур Жалол Жалолий билан учрашуви чоғида муҳокама қилинган.
Жумладан, Ўзбекистон фармацевтика компанияларида 2025 йил охиригача Афғонистон бозори учун экспорт ҳажмини 50 миллион доллардан оширишга барча асослар мавжуд, дея қўшима қилинди.
Афғонистон томони, шунингдек, Термиз шаҳрида стоматология бўйича мутахассис ёшларни ўқитиш, аҳолига стоматологик хизмат кўрсатишни кучайтириш ҳамда 20 га яқин филиал очиш бўйича таклиф билдирди.
Бундан ташқари, Жалолий тадбиркорлар томонидан Афғонистонда дори-дармон воситаларини рўйхатдан ўтказиш муддатини 6 ойдан бир ойга қисқартириш, шунингдек, бир марта импорт қилишга рухсат бериш тартиби жорий этилишини қўллаб-қувватлагани айтилади.