Тошкентдаги дорихонада сифатсиз ва қалбакилаштирилган дорилар аниқланди

Тошкент шаҳрида сифатсиз ва ноқонуний дори воситалари аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Олмазор туманида яшовчи фуқаро ва унинг ўғли яшаш хонадонининг ертўласида 72 номдаги жами 3 минг 615 қути, қиймати 1 млрд сўмдан ортиқ бўлган дори воситалари сақланаётгани аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Терговга қадар текширув натижаларига кўра, ушбу фуқаролар дори воситаларини ноқонуний тарзда мамлакатга олиб кириб, уларни пойтахтда сотиш билан шуғулланиб келган.

«Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази» давлат муассасаси хулосасига кўра, аниқланган дорилар давлат реестрида мавжуд эмас, мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилмаган ва сақлаш қоидалари бузилган. Шунинг учун уларни сақлаш, ташиш, сотиш ва тиббий амалиётда қўллаш қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Тошкентдаги дорихоналардан бирида 57 минг 407 дона, 456 турдаги шубҳали дорилар, 18 турдаги 835 дона бўш қутилар ҳамда 1 дона дори тайёрлаш мосламаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштирилган.

Мутахассислар хулосасига кўра, дориларнинг умумий қиймати 3,5 млрд сўмдан ошади. Улардан 160 тури давлат реестрида қайд этилмаган, 274 турида мувофиқлик сертификати йўқ, 50 тури сифатсиз ва муддати ўтган, 7 тури эса қалбакилаштирилгани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тошкент