Халқ демократик партияси пуллик парковкаларга тўлов қилмаганлик учун жарима белгиланишига қарши чиқди
Халқ демократик партияси ижро этувчи ҳокимият органларини жазо чораларини жорий этиш ва жарималар ундиришга эмас, балки аҳоли учун муносиб шароитлар яратишга эътибор қаратишга чақирди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси пуллик тўхташ жойи учун ҳақ тўламаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланишини кўзда тутувчи лойиҳага қарши чиқди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида пуллик автомобил тўхташ жойлари учун тўлов қилмаганликка маъмурий жарима жорий этиш тўғрисидаги Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида тақдим этилган лойиҳа кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Халқ демократик партияси мазкур лойиҳани қуйидагиларга кўра қабул қилиб бўлмаслигини билдирди.
Биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган субъектлар рўйхатига кирмайди. Кодексларга ўзгартириш киритиш бўйича қонун лойиҳалари фақат Конституцияда белгиланган субъектлар томонидан киритилиши мумкинлиги таъкидланди.
Мазкур лойиҳа билан пуллик автомобил тўхташ жойларининг хусусий оператори томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақини тўлаш бўйича фуқаролик-ҳуқуқий мажбуриятини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини қўллаш назарда тутилиши қонунчилликка зид, — дейилади хабарда.
Фуқаролик кодексига мувофиқ, пуллик «парковка» учун ҳақ тўлаш мажбурияти фойдаланувчи ва «парковка» оператори ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқиши, мазкур муносабатлар ўзининг ҳуқуқий табиатига кўра фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлар ҳисобланиши билдирилди.
Бу вазиятда тўловни ундириш учун маъмурий жавобгарликни назарда тутиш эмас, балки қонунчиликда белгиланган тартибни қўллаш, яъни тўланмаган маблағни «парковка» оператори суд орқали ундириш чорасини кўриши лозим эканлиги айтилди.
Жумладан, маъмурий жавобгарлик чоралари давлат органи томонидан фақат оммавий ва умумий манфаатларни ҳимоя қилиш учун қўлланилиши мумкинлиги сўзланди. Аммо тижорий тузилма даромадларининг ундирилишини кафолатлаш учун давлатнинг мажбурлов кучидан фойдаланиш ҳуқуқий давлат принципларига зиддир.
Халқ демократик партияси ижро ҳокимияти идораларини жазолаш ва жарима ундириш билан эмас, балки аҳолига муносиб шароит яратиш билан шуғулланишга чақирди.





