Тошкентда Африкадан юборилган 728 гр кокаин моддаси фош бўлди
Гумонланувчи шахсга нисбатан жиноят иши очилди

Ўзбекистонда Сьерра-Леонедан юборилган гиёҳвандлик моддаси аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.
Хусусан, курьерлик жўнатмасини Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган хусусий курьерлик почтасидан қабул қилиб олган вақтида Яшнобод туманида яшовчи, 1983 й.т., муқаддам судланган шахс тўхтатилади ва унга тегишли жўнатма текширилади.
Натижада, автоэҳтиёт қисмлари ичига 728 гр «кокаин» моддаси яшириб қўйилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинади.
Шунингдек, унинг яшаш хонадонидан зип пакетларга солинган кукунсимон моддалар ва таркибида наркотиклар бўлган ширинликлар аниқланади.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.





