Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида маҳбуслар алмашилади

Энди Ўзбекистон ва Қирғизистон маҳбусларни ўз ватанларида жазонинг қолган қисмини ўташ учун қайтаришлари мумкин бўлади. Бу ҳақда президент имзолаган тегишли қонунда келтирилган.

Ўзбекистон президенти Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида маҳбусларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш бўйича шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни имзолади.

Бу ҳужжатга кўра, икки давлат жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган фуқароларни ўз мамлакатларига қайтариб, қолган жазони шу ерда ўташ имконига эга бўлади.

Мазкур шартнома 2024 йил 18 июль куни Тошкентда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ташрифи давомида имзоланган эди.

Маҳкумларни алмашиш жараёни «Дўстлик/Достук» чегара пункти орқали амалга оширилади. Шартномада харажатларни қоплаш тартиби, расмий тиллар, низоларни ҳал қилиш механизмлари ҳам белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон Бош прокуратуралари шартнома ижросини назорат қилувчи марказий орган ҳисобланади.

Раҳбарият томонидан ушбу ташаббус маҳбусларни ижтимоий реабилитация қилиш, уларнинг оиласи билан алоқаларини сақлаш ҳамда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда Қирғизистон қамоқхоналарида 100 нафарга яқин ўзбекистонлик, Ўзбекистонда эса 50 нафарга яқин қирғизистонлик маҳбус жазо ўтамоқда.

Қарорлар