Ўзбекистон ва Малайзия дронлар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилади
Ўзбекистон ва Малайзия ақлли қишлоқ хўжалиги технологиялари ва дронлар ишлаб чиқаришда амалий ҳамкорлик қилишга келишди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида бир нечта йўналишда ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизими масъуллари, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳамда туман раҳбарлари ва кластерлардан иборат делегация Малайзияда хизмат сафари билан борди.
Ташриф давомида ақлли қишлоқ хўжалиги технологиялари ва дронлар ишлаб чиқариш, шоличилик, балиқчилик, каучук етиштириш, мева-сабзавот ва ипак маҳсулотларини экспорт қилиш каби йўналишларда амалий ҳамкорлик ишларини бошлашга келишиб олинди.
Хусусан, Мерақуэ компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш илмий-тадқиқот институти ҳудудида ақлли қишлоқ хўжалиги техникалари ва дронларни маҳаллийлаштирган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича келишув имзоланди.