Тошкентда одамлар гавжум жойларда дронлар ёрдамида патруль кузатуви йўлга қўйилади

Одамлар кўп йиғиладиган жойларда дронлардан фойдаланган ҳолда патруль кузатуви ташкил этилади, деди президент Шавкат Мирзиёев.

Хусусан, туманда жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилинади. Патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари туну кун 3 сменали хизмат режимига ўтади. Патруль гуруҳларига ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади.

Тумандаги 5 та ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосарлари тунги хизматни бевосита маҳаллаларда ташкил қилади. Улар тунги вақтда ўз бошлиқларига берилган барча ваколатга эга бўлади, мустақил қарор қабул қилади ва масъулиятни ҳам тўлиқ зиммасига олади.

Ички ишлар ва Миллий гвардия ходимларига тунги хизматининг ҳар соатига базавий ҳисоблашнинг 5 фоизи миқдорида компенсация тўланиши белгиланди.

Илғор тажриба асосида аҳоли гавжум жойларда дрон ёрдамида патруллик кузатуви йўлга қўйилади. Чилонзор тумани ички ишлар ходимлари соҳаси ва ҳудудидан қатъи назар, фуқаро мурожаатини қабул қилади, кўчада формали ходимга қилинган мурожаат 102 га хабар берган билан тенг бўлади, — дейилади хабарда.

Шунингдек, тумандаги барча 55 та маҳалладаги профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли уни қўл телефони ва планшетига туну кун боғланиши мумкин бўлади.

Ўзбекистон