Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекцияси бошлиғи ишдан олиниб, жиноят иши қўзғатилди

Тошкент шаҳрида яширин ва кузатилмайдиган иқтисодиёт 60 триллион сўмга етиб, бюджет йилига 7,5 триллион сўмни йўқотяпти. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

Давлат раҳбари, биргина акциз солиғи тўловчилар ишлаб чиқариш ва реализация ҳажмини яширгани оқибатида 66 миллиард сўм солиқдан қочилганини билдирди. Яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва солиқ маъмурчилиги бўйича пойтахт солиқ органларининг иши мутлақо қониқарсиз экани қайд этилди.

Масалан, қўшимча қиймат солиғи тўловчиларнинг қарийб 30 минги ҚҚСнинг бирор сўмини тўламаган. Ёки савдо, сервис ва умумий овқатланишдаги касса аппаратининг тўртдан бири ишлатилмаяпти. Айрим солиқ бошлиқлари тушумни кўпайтириш ўрнига қўштирноқ ичидаги «тадбиркор»ларга «ҳомийлик»қилиш билан банд, — дейилади хабарда.

Шунингдек, шаҳарда ўтказилган текширувларда 70 млрд сўм солиқ ҳисобланмасдан қолгани аниқланган. Сўнгги икки йилда шаҳар солиқ идораларининг 19 нафар ходими коррупция бўйича жиноий жавобгарликка тортилган, бюджетга 27 миллиард сўм зарар етказилган.

Ўтган ҳафта Мирзо Улуғбек тумани солиқ инспекциясининг бошлиғи Д.Усманов ишдан олиниб, жиноят иши қўзғатилди. У инспекция биносининг бир қисмини шахсий мақсадда ижарага бериб, 315 миллион сўмни ўзлаштирган, иш фаолиятида гуруҳбозликка ва маишатбозликка берилган, — деб таъкидланди.

 

Ўзбекистон