Сирдарёда ноқонуний балиқ овлаш ҳолати аниқланди

Сирдарё вилоятида электр қармоқ билан ноқонуний балиқ овланиши оқибатида табиатга 495 млн сўмлик зарар етказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Рейд давомида Сирдарё дарёсидан чиқиб келаётган «Москвич» автомобили инспекторлар томонидан тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, автомобиль юкхонасида 1 дона электр қармоқ, 1 дона резина қайиқ, 3 дона аккумулятор ва умумий 19 дона балиқ борлиги аниқланди.

Овланган балиқлар орасида 2 дона оқ амур, 7 дона оққайроқ, 9 дона товонбалиқ ҳамда Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган 1 дона Туркистон мўйловдори бўлгани қайд этилди. Барча балиқлар ноқонуний тарзда электр қармоғи ёрдамида овланган.

Экология вазирлиги хабарига кўра, бу ҳолат ҳайвонот дунёсига 495 млн сўм миқдорида зарар етказган.

Терговга қадар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳужжатлар тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Янгиликлар